Яна ис гази! Яна навбатдаги ўлим ҳолати!

Андижон вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг Оммавий ахборот воситалари ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш гуруҳи бошлиғи, майор Сардор Зулуновнинг маълумот беришича, 14 февраль куни соат 10:30 да Асака тумани Фавқулодда вазиятлар бўлимига тумандаги «Асака зотли чорва» фермер хўжалиги биносида уч нафар фуқаро жасади топилгани хабар берилган.

Шунингдек, 2022 йилнинг 12 февраль куни соат 13:30 да Хўжаобод тумани Фавқулодда вазиятлар бўлимига ҳамда туман Ички ишлар бўлими навбатчилик қисмига тумандаги «Мустақилликнинг 27 йиллиги» маҳалласи ҳудудида жойлашган боғдаги дала ҳовлида аёл киши ис газидан заҳарланиб, вафот этгани хабар қилинган.

«Андижон туманининг ‘Исломобод’ маҳалласида яшовчи фуқаро М.Қ. турмуш ўртоғи И.Қ. билан Хўжаобод туманидаги боғда жойлашган ҳовлисига келган. Улар уйини иситиш мақсадида уйга тоғорада чўғ олиб кирган. Оқибатда аёл ис газидан заҳарланиб вафот этган, эр эса зудлик билан Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиалининг жонлантириш бўлимига ётқизилган», — дейди Сардор Зулунов.

Қайд этилишича, ҳар икки ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан суд тиббий экспертизаси тайинланиб, тергов олди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.