Ўзбекистонда Умра зиёрати нархлари оширилиши мумкин

Ўзбекистонда Умра зиёрати нархлари оширилиши мумкин. Бу ҳақда Мусулмонлар идораси маълум қилди.

Жорий йил 5 март кунидан эътиборан, Подшоҳликка ПЦР тест жавобисиз кириш ҳамда оралиқ масофани сақлаш тартиби бекор қилинганди. Шунингдек, Саудия Арабистони ҳукумати томонидан барча давлатлар, хусусан, Туркия, Малайзия, Индонезия, Эрон ва Миср каби йирик мусулмон мамлакатларига Умра зиёратини ташкил этишга рухсат берилган.

Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг маълум қилишича, юқоридаги ҳолатлар Саудия Арабистонида меҳмонхона ва бошқа турдаги хизмат турларига талабнинг ошишига сабаб бўлади. Бу эса, ўз навбатида, Рамазон ойида ташкил этиладиган Умра тадбирларининг нарх-навосига таъсир қилиши мумкин.

Маълумот учун: шу йилнинг 17 март ҳолатига кўра, 21 мингдан ортиқ зиёратчи Саудия Арабистонига жўнатилиб, улардан 16 минг нафардан зиёдроғи умра амалларини тўлиқ адо этиб, Ўзбекистонга қайтиб келдилар.

Ҳозирда 5 минг 600 нафарга яқин зиёратчи Саудия Арабистонида Умра зиёратларини амалга оширмоқда.

Аввалроқ Умра зиёрати учун қўшимча тўлов қилингани ҳақида хабар берган эдик.