Навоийда ҳайдовчи ЙПХ ходимига пора сифатида берган 100 доллар пулини ютиб юборди

Навоий шаҳрида йўл-патруль хизмати ходимига берган порасини ютиб юборган қонунбузарга чора кўрилди, дея хабар бермоқда Навоий вилояти Ички ишлар бошқармаси.

Қайд этилишича, Навоий шаҳар ҳудудида жойлашган «Қарнаб» кузатув блок постида 1-сменада хизмат олиб бориш учун жалб этилган ЙПХ инспектори сафдор Зафар Муҳаммадов Қарнаб—Навоий йўналишида ҳаракатланиб келаётган Nexia-1 автомашинасини ҳайдовчи хавфсизлик камаридан фойдаланмасдан келаётгани сабабли тўхтатган.

Ҳайдовчининг ҳужжатлари текширилганда тошкентлик ҳайдовчи М.А давлат рақами белгисини ўзгартиргани аниқланган. ЙПХ ходими тегишли тартибда ҳужжат расмийлаштириб, автомашина жарима майдонига олиб борган.

Қоидабузар фуқаро М.А эса ЙПХ инспекторига машинасини қайтариб бериш эвазига 1 миллион сўм пул беришини айтган. М.А ходимнинг бир неча маротаба пора бериш қонуний жавобгарликка олиб келиши ҳақидаги огоҳлантирувига қарамай, таклифини тўхтатмаган.

Шундан сўнг сафдор Муҳаммадов вилоят ИИБ бошлиғи номига ўз билдиргиси билан мурожаат этган. Эртаси куни фуқаро ЙПХ инспектори билан учрашиб 100 долларни унга берган. У ҳолатни ўрганиш учун келган ходимларни пайқаган заҳоти пулни олиб ютиб юборган. Тиббиёт ходимлари М.А.да эндоскопик текширув ўтказиб, ошқозонидаги 100 долларни олган.

Ҳайдовчига нисбатан Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-банди билан жиноят иши қўзғатилган.