Гулнора Каримова тирикми? У билан боғлиқ бирор маълумот йўқлиги хабар қилинди

Имон Каримова онаси Гулнора Каримова билан анчадан бери кўришмаётгани ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда Биринчи президент Ислом Каримовнинг невараси Имон Каримова ўзининг Инстаграм саҳифасида ёзиб қолдирган.

“Ҳар куни мендан онам ҳақида янгилик борми, деб сўрашади. Шунча йилдан бери бирорта қўнғироқ ҳам, хат ҳам йўқ. Энди тушуняпмиз, ҳаммаси вақтдан ютиш учун берилган қуруқ ваъда экан. На менга, на бувимга онам билан кўришишга рухсат беришяпти. Худо хоҳласа, тез орада яхши хабарлар эшитайлик”, дея ёзган у.

Аввалроқ Имон ўзининг Инстаграм саҳифасида онасига нисбатан ноқонуний босимлар бўлаётгани ҳақида маълум қилган эди. Расмий идоралар ёки идора вакиллари ушба хабар ҳақида ҳеч қандай расмий муносабат билдирмаганди.