Президент Ўзбекистон Қаҳрамони Лолахон Муродовани хотирлади

Айни пайтда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида аҳолини озиқ-овқат, жумладан, чорвачилик ва паррандачилик маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида Ўзбекистон Қаҳрамони Лолахон Муродовани хотирлади:

“Мен Лолахон опани кўп йиллардан буён жуда яхши билар эдим. Охирги пайтларда бетоб бўлиб, даволанаётган эдилар. Биз у киши билан доимо гаплашиб, самимий мулоқот қилар эдик. Хасталикларига қарамасдан, ҳар доим кўтаринки кайфиятда бўлиб, эл-юрт ташвиши, ўз касбига садоқат билан яшадилар. Ҳалол ва фидокорона меҳнатдан бир дақиқа ҳам тўхтамадилар.Лолахон опа ҳаёти давомида жуда кўп қийинчилик ва синовларни бошидан ўтказдилар. Мустаҳкам иродаси ва матонатини намоён этиб, фақат олдинга интилиб яшадилар. Опанинг улкан ғайрат ва шижоатига қойил қолардим.Ҳақиқий ўзбек деҳқон аёли тимсолига айланиб, давримизнинг чинакам қаҳрамони сифатида яшадилар.Ишончим комил, Лолахон опа яратган катта мактабни у кишининг шогирдлари, ўниб-ўсиб келаётган ёшларимиз албатта муносиб давом эттиради. Бу фидойи ва ватанпарвар юртдошимизнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади”- дейди давлат раҳбари.