Ўзбекистонда оилаларга 2 тадан ортиқ фарзанд кўриш тақиқлангани ростми?

Ўзбекистон фуқароларига 2023 йилдан бошлаб 2 нафардан зиёд фарзанд кўришга чеклов ўрнатилаётгани ҳамда ушбу чекловга амал қилмаган шахслар жаримага тортилиши ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Сохта ахборотларга раддиялар учун расмий манба ушбу хабарларнинг ёлғон эканини маълум қилди.

Таъкидланишича, ижтимоий тармоқлар ҳамда Telegram мессенжеридаги гуруҳларда бу тартиб Олий Мажлис Сенати томонидан маъқуллангани айтилган. Шунингдек, жарима миқдори БҲМнинг 80 бараваридан 120 бараваригача экани қайд этилган.

Маълумот учун, аҳоли ўртасида ёлғон ахборот тарқатганлик учун жавобгарлик мавжуд. Ижтимоий тармоқлар орқали ишлаб чиқарувчи ёки рақобатчини обрўсизлантириш ёхуд иқтисодий зарба бериш мақсадида асосланмаган, ёлғон овозли, фото ва видеохабарларни тарқатиш Жиноят кодексининг 192-моддасида белгиланган жавобгарлик билан жазоланади.

Туҳмат, яъни била туриб бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмаларни тарқатганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддасида ҳамда Жиноят кодексининг 139-моддасида жавобгарлик белгиланган.

Шунингдек, ёлғон хабар тарқатганлик учун фуқаровий жавобгарлик ҳам мавжуд. Хусусан, Фуқаролик кодексининг 102(1) моддасида шахснинг ор-номуси, шаъни ва қадр-қиммати ҳамда ишчанлик обрўсини ҳақоратловчи маълумотларни тарқатиш туфайли маънавий зарар етказилган бўлса, етказувчининг айбидан қатъи назар қопланиши лозимлиги кўрсатиб ўтилган.