Гулнора Каримовага алоқадор сир тутилган маълумот ошкор этилди

Гонконгдаги The Arch турар жой мажмуасида жойлашган ва бир вақтлар Гулнора Каримовага тегишли бўлган ҳашаматли пентхаус 285 фоизлик фойда билан 2016 йилдаёқ сотиб юборилган.

Бу ҳақдаги маълумот шу пайтгача сир тутилган ва ушбу ҳужжат энди интернетга тарқаб кетган. Гонконгнинг энг қиммат ҳудудида жойлашган мазкур пентхаус 2008 йилда Гулнора Каримова компанияси томонидан 36,5 млн. долларга сотиб олинган эди.

Кейинчалик уй «Дадо» гуруҳи яккахони, Каримованинг бизнес ҳамкори Рустам Мадумаровга пулланган.

2016 йилда уй эгалари Каримова ва Мадумаров қамоқдалик пайтида пентхаус 68,4 млн. долларга сотилган.

Каримованинг қизи Имон Каримова ўзининг Инстаграм саҳифасида ёзишича, бу уйни сотиб фойда кўрганлар бир куни ошкор бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Гулнора Каримова айни пайтда қамоқда бўлиб, унинг Швейцарияда музлатиб қўйилган маблағларини қайтариш бўйича якуний жараёнлар шу йил февралда бошланган эди.

Маълумот ўрнида, пентхаус — осмонўпар бинонинг энг юқори қаватида жойлашган уй ёки идора учун мўлжалланган ҳудуд.