Туркия Президенти бутун дунёни катта янгилик кутаётганини айтди

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Истанбулда дон йўлаги яратиш бўйича келишув имзоланишига умид билдирди ва бу воқеа жаҳон ҳамжамияти учун “хушхабар” бўлишини таъкидлади. 

“Тез орада Россия ва Украина вакиллари иштирокида имзоланишига умид қилаётган дон экспорти шартномаси жаҳон ҳамжамияти учун муҳим ва хушхабар бўлади”, дейди Эрдўған Истанбулда сўзлаган нутқида. 

Шартномани имзолаш маросими маҳаллий вақт билан соат 16:30да (Тошкент вақтига тўғри келади) Туркия президентининг Истанбулдаги Долмабахче саройида бўлиб ўтади. Унда Туркия Президенти ва БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш иштирок этади.

Айни вақтда Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу раҳбарлигида рус делегацияси ва Украина Инфратузилма вазири Александр Кубраков раислигидаги Украина делегацияси Истанбулда бўлиб турибди.