Қашқадарёда номаълум касалликдан вафот этган болалар яшаган қишлоқ кузатувга олинди

Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида 4 ва 6 ёшли бола номаълум касаллигидан вафот этгани тўғрисида хабар берилганди.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати мазкур ҳолат бўйича қўшимча маълумот бердиИжтимоий тармоқларда Ғузордаги икки боланинг ўлимига Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги сабаб бўлгани тўғрисида хабарлар тарқалган.

Ўта хавфли юқумли касалликлар бўлими бош мутахассиси Умир Мирзаевнинг сўзларига кўра, касаллик аниқланган Ғузор туманидаги «Эскибоғ» МФЙ, Эскибоғ қишлоғида эпидемия ва профтилактик чора-тадбирлар давом эттирилмоқда.

Жумладан, Ғузор туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 30 нафар тибиёт ходими тиббий кузатувга олинган, уларнинг гемоконтактда бўлган 22 нафаридан 26 июнь куни қон таҳлиллари олинган.«Таҳлиллар республика Вирусология илмий-текшириш институти вирусология лабораториясига PSR ва IFA усулларида текшириш максадида олиб келинган.

Лабораториянинг хулосасига кўра, уларнинг текширув натижалари QKGI касаллигига ‘манфийʼ бўлган. Тиббиёт ходимлари томонидан уйма-уй юриб, аҳоли ўртасида Қрим-Конго геморагик иситма касаллигининг профилактикаси бўйича кенг тарғибот, тушунтириш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда», — дейди мутахассис.Шунингдек, Мирзаев номаълум каналар пайдо бўлгани ва касаллик улар орқали тарқалгани тўғрисидаги саволларга ҳам жавоб берган.

«Номаълум каналар тарқалганлиги тўғрисидаги гап-сўзлар мутлақо асоссиз. Республикамизнинг бир нечта вилоятларида каналарнинг табиий ўчоқлари мавжуд. Олимлар иксод каналарини сувсиз ва озуқасиз 20 йилдан ортиқ яшаши мумкинлигини аниқлаган.

Эски молхоналар, девор кавакларида яширинган каналар об-ҳавонинг серёмғир келиши ва ҳаво ҳароратининг бирдан қаттиқ исиб кетиши натижасида ҳаракатга келади. Шу сабабли молхоналарда вақти-вақти билан креолиннинг 3 фоизли ишчи эритмалари билан дезинсекция ишлари ўтказиб турилиши керак», — дея таъкидлайди Ўта хавфли юқумли касалликлар бўлими бош мутахассиси.