“Ўзавтосаноат” АЖ матбуот котибининг расмий муносабатга вақти йўқми?

Хабарингиз бор бугун Ogoh.uz – ахборот-таҳлилий порталида “Chevrolet Tracker-2023 сотуви бошланишига 7 кун қолди. Лекин ҳамон нархлар ошкор этилмаяпти, нега?” номли мақола чоп этилди.


Биз, аввало, нарх масаласида “Ўзавтосаноат” АЖ матбуот котиби билан боғланишга уриндик, бироқ телефонга жавоб бермадилар. Мақолага муносабат, шу билан бирга Chevrolet Tracker-2023 автомашинасининг нархи ҳақида бизнинг саволларимизга жавоб беришини истадик.

Мақоламизда Chevrolet Tracker – 2023 автомобили premier позициясининг нархи 300 миллион сўмдан ортиқ бўлиши, айрим манбааларга кўра, унинг нархи 320 миллион сўм бўлиши мумкинлиги ҳақида гап боради. Шундай экан “Ўзавтосаноат” АЖ автомобиль учун қиймат қилиб кўрсатилган нархга изоҳ бериши зарур эди. Ваҳоланки, ушбу модел Хитойда 19 минг доллар сотилаётган бўлса, бунинг устига зарур эҳтиёт қисмларгина бизга келтириб йиғиладиган, сотиб олинган эҳтиёт қисмларни ташиш ва чегарадан ўтказишда бир қатор енгилликларга эга корхона бир неча кичик қулайликларга эга автомобилни деярли икки баробар қимматга сотишига нима асос бўла олади. Кейин бизнинг яна бир икки саволларимиз мавжуд эди, бироқ матбуот котиб гапни қисқа қилиб, икки энлик хабарни телеграм тармоғидан юбориб, шуни расмий муносабат сифатида қабул қилишимизни сўради.

Хуллас, мақолага муносабати шундай бўлди: “Қонунга мувофиқ сотувда мавжуд бўлган маҳсулотларни барчасининг нархлари сайтда бор. Треккер сотувга чиққанида нархини ҳам эълон қиламиз…” Тўғриси бу муносабат матбуот котибининг шахсий муносабатими ёки “Ўзавтосаноат” АКнинг расмий муносабатими, буни билмадик. Дарвоқе, матбуот котиби рулда экани боис унинг илтимосига кўра, билдирган муносабатининг имло хатоларини тўғрилаб қўйдик.

АОКА ҳар ойда, ҳар чоракда матбуот котиблар фаолияти юзасидан “отчёт” олишини биламиз. Мақолалар бўйича муносабат билдиргани ҳақида АОКАга ҳужжат тайёрлаб бериш йўлга қўйилган. “Ўзавтосаноат” матбуот котиби АОКАга ҳам “отчёт”ни шундай рулда кетаётиб тайёрлаб берварадиларми?.. Юқоридаги ҳолат бўйича АОКА томонидан ҳам расмий муносабат кутиб қоламиз.

Матбуот котиби билан ёзишмалар сурати илова қилинмоқда.