Тошкент вилоятида эри пичоқлаб ўлдирган аёл воқеасида ИИБ ҳам айбдор (ми?)

Тошкент вилоятида 25 август куни эри томонидан пичоқлаб ўлдирилган аёл воқеасида Ички ишлар бошқармаси ҳам айбдор экани айтилди. Вилоят Ички ишлар бош бошқармаси ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Келтирилишича, «Kun.uz» интернет нашри томонидан Қуйичирчиқ туманида юз берган қотиллик юзасидан ўтказилган суриштирувлари натижаси ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган. Унда марҳуманинг яқинлари фикрига асосланиб, воқеада ИИБ (профилактика инспектори) ҳам ҳам айбдор экани маълум қилинган.

Вилоят Ички ишлар бош бошқармасига кўра, ҳуқуқий жиҳатдан айни вақтда (ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари ўтказилаётган вақт) воқеа юзасидан бирор шахсни айблаш, дахлдорликни эълон қилиш амалдаги қонунчиликка зид.

Ўтказилаётган тергов ҳаракатлари ва хизмат текшируви хулосасига қараганда, воқеага дахлдор ҳар бир шахснинг (ИИБ ходимининг ҳам) ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади ва айбдорлик даражасидан келиб чиқиб таъсир чораси кўрилади. Иш тугатилгач натижаси юзасидан жамоатчилик ва ОАВ вакилларига ахборот тақдим қилинади.

Қайд этилишича, 27 август куни шу иш маҳаллада, жамоатчилик ўртасида муҳокама қилиниб, жиноятнинг салбий оқибатлари, шу каби ҳолатларда бепарво бўлмаслик, жиноятни келтириб чиқараётган омиллар ҳақида аҳолига тушунтириш ташкил қилинган. Тафсилотга кўра, 24 август куни соат тахминан 19:00 да аёл ИИБ га мурожаат қилиб, «Эри у билан жанжаллашиб, смс хабарларни кўриш мақсадида аёлнинг телефонини тортиб олганини» маълум қилган.

Профилактика инспектори мурожаатга асосан етиб келган ва аёл (марҳума)дан отаси иштирокида ариза қабул қилиб, фуқаро С.Х (гумонланувчи)ни қидиришга киришиб, яшаш манзили, қариндош ва яқинлари хонадонларида бўлиб суриштирув олиб борган. Шу жараёнда, орадан бир неча соат ўтиб, тонгга яқин, юқорида қайт этилган жиноят содир бўлган. Воқеада гумонланувчи фуқаро С.Х ушланиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Ижтимоий тармоқ фаолларидан, ҳозирда ҳолат юзасидан бирор кимга айблов қўйишга шошилмасликни сўраймиз. Тошкент вилояти ИИББ жамиятда хотин-қизларга нисбатан ҳар қандай тазйиқ, зўравонликка нисбатан кескин ва муросасизлигини маълум қиламиз. Ҳолат тўлиқ, қонуний таҳлил қилиниб, якунида ҳар бир ходимнинг ва бошқа воқеа иштирокчилари (гумонланувчи) ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади», дея хулоса қилинган муносабатда.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Қуйи Чирчиқ туманида фуқаро рашк сабаб хотинини боғча болалари олдида бўғгани акс этган видеоёзув тарқалганди. Тошкент вилояти ИИББ мазкур ҳолат юзасидан ҳудудий ИИБ томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилаётганини билдирган. Мактабгача таълим вазирлиги эса видеодаги аёл боғчада ишламаслигини, эридан қочиб, шу ерга кирганини маълум қилганди. Кейинроқ боғча болалари олдида хотинини калтаклаган эркак уни пичоқлаб ўлдиргани маълум бўлганди.