“Бир лик, икки шик — ҳаводан пул қилдик” ёхуд ХТВ қандай 1,8 баробар ортиғи билан маблағ олмоқда?

Дарсликлар ижараси икки бараварга ошди, бу конституцияга зидлиги айтилди, Президент майдонга чиқди ва ҳаммаси жойида…

Сўнги кунларда ажиотажларга сабаб бўлган мавзулардан бири – мактаб дарсликларининг ижараси эди. 2022/23 ўқув йили учун дарсликлар ижара нархлари икки-уч баробарга оширилган. Ижара нархларини кўриб, ҳамма ҳайрон. Вазирлик бу масалани тушунтира туриб, дарсликлар учун ижара нархлари Молия вазирлиги томонидан белгиланганини айтди.

Халқ таълими вазирлиги ахборот хизматининг тушунтиришича, жорий йилда янги дарсликларни чоп этиш харажатлари ошгани ижара ҳақи кескин ошишига сабаб бўлган. 2022 йилда жаҳонда қоғоз нархи 60-70 фоизга баландлагани, қоғоз импортида транспорт харажатлари кескин ошгани, бу эса таннарх кўтарилишига сабаб бўлгани айтилган эди. Айтайлик, бир дона дарсликнинг таннархи 25 минг сўм бўлса, унинг 5 йил ишлатилиши, ҳар йили 5 минг сўмдан йиғиш кераклигини англатади. Жами бир йилдаги барча дарсликларнинг суммасини даврийликка бўлиб, битта дарслик суммаси шакллантирилади. Бу йил бу 5707 сўмни ташкил этди (2021 йилда 2740 сўм бўлган). Бир дона китоб нархи ўз навбатида бир синф комплектидаги дарслик ва машқ дафтарлари сонига кўпайтирилади. Битта синфда 20 та китоб бўлса, йиллик ижара суммаси 20х5707=114 140 сўм бўлади.

Ушбу масала ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлиб, Конституцияга зидлиги айтилгач, Шавкат Мирзиёев мактаб дарсликлари ва машқ дафтарларини бепул ижарага беришни тезкор йўлга қўйиш бўйича топшириқ берди. Мактаб дарсликларини чоп этишга сарфланган маблағ, дарслик фойдаланиладиган муддат (йилга) бўлиниб йиғилади. Йиғилган маблағлар Китоб жамғармасида тўпланиб, мазкур китобни кейинги йилда чиқаришга сарфлар эди, тартиб шундай. Ижара нархлари бекор қилингач, бу тартиб қандай амалга оширилади?

Бугун АОКАда бўлиб ўтган Халқ таълими вазирлиги иштирокидаги анжуманда “Мактаб дарсликлари фақат жорий ўқув йилида бепул тақдим этилади”— деб хабар берди Халқ таълими вазири ўринбосари Темур Комилов.
Бекор қилинган ижара тушумлари ўрнини қоплаш учун бюджетдан 500 млрд сўм тўлаб берилади. Кейинги ўқув йиллари учун дарсликларнинг бепул бўлиш-бўлмаслиги комиссия ўрганишларидан кейин маълум қилинади. Анжуман давомида вазир ўринбосари ўз фикрига қўшимча қилган ҳолда дарслик ижараси доимий текин қилиниши ҳам мумкинлигини таъкидлаб ўтди.Қизиқ ҳолат.

2022 йил учун тасдиқланган бюджетга кўра, Бюджетдан ташқари Республика мақсадли китоб жамғармасининг даромадлари сифатида ижарага берилган дарсликлар бўйича ижара тўловлари 283,4 млрд сўмни ташкил этиши керак эди.

Кеча Давлат раҳбарининг хоҳиш иродаси билан халқ учун китоб ижараси бепул деб эълон қилинганидан кейин жамғармага 283,4 млрд сўм эмас, 1,8 баробар кўп – 500 млрд м қоплаб беришмоқчи.

Китоб ижараси фақат бир йил текин бўлиши мана шу 500 млрдни хаспўшлаш учундир эҳтимол.

Мантиқан ўйлаб қаралганда, таълим бепул деганда дарсликлар ҳам бепул бўлиши керак. Шундай ҳам бўлди, лекин нега шунча эътирозлардан кейин, яна Президент аралашувидан сўнг ҳал бўлмоқда масала? Саволлар кўп, масъуллар эса гапни айлантиришдан бошқасига ярамаяпти…

Шахруза Сатторова