1 январдан пенсиялар ошади (ми?)

13 сентябрь куни Олий Мажлис Сенатининг 32-ялпи мажлисида “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.

Қонун билан 2023 йилнинг 1 январидан пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдори пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 10 баробаридан 12 баробарига ошириш назарда тутиляпти.

Сенаторларнинг қайд этишича, киритилаётган ўзгартишга мувофиқ 2023 йил 1 январдан бошлаб фуқароларга пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун инобатга олинадиган ўртача ойлик иш ҳақи пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 12 бараваридан ортиқ бўлмаган, яъни 3 888 000 сўм миқдоридаги ўртача ойлик иш ҳақидан ҳисобга олиш белгиланмоқда.

Натижада 352 минг нафар фуқаронинг пенсия миқдори қайта ҳисоб-китоб қилиниб, ўртача ойлик пенсия миқдори 400 минг сўмгача ошади. Шулардан, 304 минг нафари ёшга доир пенсия олувчилар, 25,2 минг нафари ногиронлиги бўлган шахслар ва 23 минг нафари боқувчисини йўқотган шахслардир.

Қонунга мувофиқ кўзда тутилган тадбирларни амалга оширишда Пенсия жамғармасидан қўшимча равишда 1,5 триллион сўмдан ортиқ миқдордаги маблағлар талаб этилади.

Мазкур қонун билан таклиф этилаётган тартибнинг жорий этилиши ижтимоий адолат тамойилларини мустаҳкамлаш, аҳолининг унумли меҳнат қилиб, кўпроқ ҳақ олишига қизиқишини оширишга хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.