Ўзбекистон ва Хитой ўртасида 15 миллиард долларлик келишувлар имзоланди

Самарқанддаги «Буюк ипак йўли» халқаро туризм марказининг Конгресс марказида 15 сентябрь куни Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг музокаралари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, етакчилар Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини ривожлантиришнинг муҳим йўналишларини атрофлича кўриб чиқди.

Олий даражадаги мунтазам мулоқотлар туфайли давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик кенгайиб бораётгани таъкидланди. Хусусан, ўтган йилда товар айирбошлаш рекорд кўрсаткич – 8 миллиард долларга етди, жорий йил бошидан эса 30 фоиздан ортиқ ўсди.

Охирги беш йилда Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилинган инвестициялар ҳажми 10 миллиард доллардан ошди. Кенг кўламли иқтисодий ҳамкорлик бўйича беш йиллик дастур, иқтисодиётнинг муҳим тармоқлари ва ижтимоий соҳада қўшма лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Хитойнинг камбағалликка қарши курашиш, ҳудудларни ривожлантириш ва профессионал кадрлар тайёрлаш борасидаги илғор тажрибасини ўрганиш ва жорий этишни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Давлат раҳбарлари ҳудудлар ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш зарурлигини таъкидладилар. Шу мақсадда жорий йил якунига қадар Ўзбекистонда икки мамлакат ҳудудларининг биринчи форумини ўтказиш таклиф этилди.

Минтақа тараққиёти ва транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқлиги учун стратегик аҳамиятга эга «Хитой – Қирғизистон –Ўзбекистон» темир йўли қурилишини бошлаш тўғрисида тарихий келишувга эришилгани қайд этилди.

Келгуси йилда ўзаро дўстлик ва англашувни янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган Ўзбекистон ва Хитой халқлари маданияти ва санъати йилини ўтказишга келишиб олинди.

Афғонистонда тинчлик жараёнига ва иқтисодий тикланишга кўмаклашиш борасидаги саъй-ҳаракатларни, халқаро ва минтақавий тузилмалар, жумладан, «Марказий Осиё – Хитой» механизми доирасида тизимли ҳамкорликни давом эттириш муҳим экани таъкидланди.

Хитой етакчиси Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти раиси сифатидаги фаолиятини, бунинг натижасида ташкилотни кенгайтириш ва халқаро нуфузини мустаҳкамлаш бўйича муҳим қарорлар қабул қилинганини юксак баҳолади.

Тадбир якунида умумий қиймати 15 миллиард долларлик устувор лойиҳаларни амалга ошириш бўйича савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий-техник ҳамкорликка доир келишувлар имзоланди.

Музокаралар якунида Си Цзиньпин Шавкат Мирзиёевни жавоб ташрифи билан Хитойга боришга таклиф этди.