Эронда ҳижобни нотўғри ўраган қиз полиция томонидан калтакланиб ўлдирилди

Эронда ҳижобни нотўғри ўрагани учун полиция томонидан ушланиб, калтакланиши оқибатида вафот этган 22 ёшли Маҳса Амини сабаб норозилик намойишлари бошланди, деб хабар беради «Al Jazeera».

Эрон ҳукуматининг маълум қилишича, қизнинг ўлимига юрак хуружи сабаб бўлган.

Қизнинг қабри атрофида норози инсонлар тўпланган. Омма орасидан «йўқолсин диктарор» овозлари янграй бошлагач, норозилик намойишчиларига қарата ўқ узилган.

Оммавий норозиликлар бутун мамлакат бўйлаб бошланган. Эронлик қизлар ҳижобларини ёқиб, сочларини қирқаётган ҳолатлари тасвирланган видеоларни ижтимоий тармоқларга жойлаяпти.

Шунингдек, намойишчилар губернаторнинг офиси қаршисида ҳам тўпланган ва янги шиорларни бақирган, аммо хавфсизлик кучлари уларга қарши кўзни ёшлантирувчи газлардан фойдаланган.

Эрон ҳукумати ҳолат юзасидан тергов бошланганини эълон қилди. Қизнинг ўлимига алоқадор полициячилар тергов қилинмоқда. Улар 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.