Навбатдаги заҳарланиш: Бу сафар қашқадарёлик боғча болалари заҳарланди

Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги мактабгача таълим муассасасида 50 нафарга яқин бола овқатдан заҳарлангани тўғрисидаги хабар тарқалди. Мактабгача таълим вазирлиги ҳолатга расмий муносабат билдирди.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Қарши шаҳар бўлими бошлиғининг билдиришича, 17 сентябрь куни вилоят юқумли касалликлар шифохонасининг 7-бўлимига Қарши шаҳар, «Қўрғонча» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, Қарши шаҳридаги 32-Давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиси Х.Ш. ўткир диария ташҳиси билан ётқизилган.

Шунингдек, эпидемиологик суриштириш давомида беморда ич кетиш, кўнгил айниш, ҳолсизлик, иситма кўтарилиши кузатилган. Айни пайтда беморнинг аҳволи яхши, даво муолажалари олиб борилаётгани айтилган.

Хатда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Қарши шаҳар бўлими бўлимга мазкур ташкилотда тарбияланаётган болалар ўртасида овқатдан заҳарланиш ҳолати бўйича тезкор хабарнома келиб тушмаганлигини билдирган.