ШҲТга аъзо мамлакатларда музей ишини ривожлантиришга оид меморандум имзоланди

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар ўртасидаги маданий-тарихий алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда музей ишининг энг яхши анъаналарини сақлаб қолиш мақсадида ШҲТга аъзо мамлакатларда музей ишини ривожлантиришга оид меморандум имзоланди. 

«Мазкур меморандум шуниси билан муҳимки, унга кўра, ШҲТ давлатлари музей иши соҳасида, маданий-таълим ва кўргазмалар алмашинуви борасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун қулай шароит яратиши кўзда тутилган», — дейди туризм ва маданий мерос вазири ўринбосари Ботир Шаҳриёров. 

Ботир Шаҳриёров музейлар ички ва ташқи туризм ривожланишида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади:

«Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистондаги янги музейлар сонини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Шунингдек, жорий йилнинг 26 апрелида бўлиб ўтган йиғилишда музейларни замонавий кўринишда қайта таъмирлаш, улардаги экспонатларни реставрация қилиш ҳақида топшириқ берганди. Куни кеча ўтказилган йиғилишда ҳам туристик объектларнинг ҳолатини янада яхшилаш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланди. Бу бежизга эмас, албатта. Негаки туристик объектлар қаторида музейлар ҳам юртимиздаги бошқа туристик объектлар сингари хорижлик сайёҳларни янада кўпроқ жалб этишга хизмат қилади».

ШҲТга аъзо мамлакатларда музей ишини ривожлантиришга оид меморандум бу борада ташланган муҳим қадам бўлди.

Таъкидлаш жоизки, бу битимга кўра, ШҲТ мамлакатлари тарихи, маданияти ва санъатига бағишланган қўшма илмий тадқиқотлар ва кўргазма лойиҳаларини амалга ошириш ишлари рағбатлантирилади. 

Мазкур ҳужжат билан томонлар музей ишига оид долзарб мавзуларда қўшма илмий ва илмий-амалий анжуманлар, семинарлар ташкил қилишлари ҳамда бу тадбирларда ШҲТга аъзо мамлакатлар вакилларининг иштирок этиши белгиланди. 

Бундан ташқари, меморандум асосида музейларда фаолият юритувчи ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ишлари йўлга қўйилади. 

ШҲТ давлатлари соҳа вакиллари кўргазмаларни ташкил этиш ҳамда музей ашёларини сақлаш, реставрация ва консервация қилишда замонавий технологияларни татбиқ қилишга доир тажрибалари билан алмашишади. 

Шунингдек, музей ишида инклюзив лойиҳалар ва дастурларни амалга оширишда ҳамкорлик ва тажриба алмашинуви йўлга қўйилади. 

Меморандум ШҲТ мамлакатлари музейлар тўпламларидан иборат маданий меросни асраш ва оммалаштиришда ташкилотга аъзо давлатларнинг бу борадаги саъй-ҳаракатларини бирлаштиришни кўзда тутади. 

Томонлар келишувига кўра, ушбу меморандумга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.

Қайд этиш жоизки, ушбу битим ШҲТ давлатлари ўртасидаги туризм ривожланиши борасидаги ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланишига ҳисса қўшади.