Конституцияга янги модда киритилади

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26 ва 41-моддасига ўзгартириш киритиш ҳамда 37-1-моддани қўшиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Конституциявий комиссия матбуот котиби Одилжон Тожиев маълум қилди.

Қайд этилишича, лойиҳа юзасидан ўтказилган умумхалқ муҳокамасида келиб тушган таклифлар асосида қонун лойиҳасига яна бир қанча янги нормалар киритилиши назарда тутилмоқда. Хусусан, Конституциянинг 26-моддасига бундай қисм қўшилиши кўриб чиқилмоқда:

“Шахснинг ўз айбини тан олиши унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмас”.

Шу йўсинда яна бир қатор моддаларни ҳам янгилаш, уларга қўшимча нормалар киритиш режалаштирилмоқда. Жумладан, қуйидагича 37-1-моддаси киритилмоқда:

“Давлат фуқароларни ишсизликдан ҳимоя қилиш ва камбағалликни қисқартириш чораларини кўради.
Давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш учун уларнинг касбий тайёргарлиги ҳамда қайта тайёрланишини ташкил этади ва рағбатлантиради”.

Бош қомуснинг 41-моддасига қуйидагича ўзгартириш киритилади:

“Давлат узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотларининг ривожлантирилишини таъминлайди”.

Тожиевнинг қайд этишича, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг масъул қўмиталари, Конституциявий комиссия аъзолари, экспертлар гуруҳларида фуқаролардан келиб тушган ҳар бир таклиф юзасидан қизғин баҳс-мунозаралар давом этмоқда.