Қашқадарёда фуқаро билан жанжаллашган замҳоким жавобгарликка тортилди

Қашқадарёда маст фуқаро билан урушган ҳоким ўринбосари жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Аниқланишича, фуқаро билан урушган масъул Яккабоғ тумани ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Дилшод Менгбоев ҳисобланади.

2022 йил 10 август куни соат тахминан 23:00 ларда Яккабоғ тумани «Истиқлол» деҳқон бозори атрофида туман ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Д.М. қурилишларни кўздан кечириб юрганда, фуқаро Н.Т. унинг ёнига келган ва улар ҳеч бир сабабсиз тортишиб қолган.

Мазкур ҳолат юзасидан Яккабоғ туман ИИБ ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилганда Д.М ва Н.Т.ларнинг ҳаракатларида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари борлиги сабабли уларга нисбатан маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Яккабоғ туман судига юборилган», — дейилади вилоят ИИБ расмий ахборотида.