Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси БМТда тақдим этилди

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норов Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Aссамблеясининг 77-сессиясидаги нутқида сўнгги йиллардаги ислоҳотларга тўхталиб ўтди.

2022-2026-йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясининг амалга оширилиш жараёни ҳақида маълумотлар ҳавола этилди. Мазкур дастурий ҳужжат мамлакатимизда ўтган беш йил ичида амалга оширилган ислоҳотлар натижаларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, у демократик жараёнларни чуқурлаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини оширишга қаратилган.

Бундан ташқари, Стратегия Барқарор ривожланиш мақсадларини жадал ва ҳар томонлама амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтиришга қаратилган.

Хусусан, 2030 йилга келиб, Ўзбекистон камбағаллик даражасини икки баравар камайтириш, барча муҳтожларни қамраб олган ҳолда ижтимоий ҳимоя тизими самарадорлигини ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, аҳоли даромади ўртача кўрсаткичдан юқори бўлган мамлакатлар қаторига киришни режалаштирмоқда.

Бош ассамблея 77-сессияси иштирокчиларининг эътибори мамлакатимизда амалга оширилаётган Конституциявий ислоҳотларга қаратилди. Мазкур жараёнларнинг асосий маъно ва мазмуни «Инсон шаъни ва қадр-қиммати учун» тамойилида акс этгани таъкидланди, дейилади ТИВ хабарида.