Қозоғистонга қочаётган русларнинг “иши қийинлашди”

Саратов вилоятидаги Россия-Қозоғистон чегарасидаги Озинки чегара пунктида ҳарбий комиссарликнинг мобил назорат пункти иш бошлайди. Бу ерда ҳарбий ёшдаги фуқароларга қисман сафарбарлик доирасида чақирув қоғозлари топширилмоқда. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.

“Озинки чегара постида ҳарбий комиссарликнинг мобил станцияси иш бошлади. Ҳудуддаги чақирув ёшидаги фуқароларга ҳарбий рўйхатга олиш ҳужжатларини аниқлаштириш, шунингдек, фуқароларга қисман сафарбар этиш тартибини тушунтириш учун ҳарбий комиссия ва ички ишлар органлари томонидан чақирув қоғозлари топшириляпти”, дейилади хабарда.

Қозоғистон билан чегаранинг Астрахан вилоятидаги қисмида ҳам мобил комиссарликларни ташкил этиш режалаштирилган.

Қайд этиш керакки, Россияда қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилингач, руслар оммавий равишда қўшни давлатларга чиқиб кета бошлади. Хусусан, рус-қозоқ чегарасида бир неча километрлик навбатлар пайдо бўлди.