Ўзбекистонда хусусий тиббиёт муассасалари сони қанчага етгани очиқланди

Ўзбекистонда ҳозирги кунда 7,6 мингта хусусий тиббиёт ташкилоти фаолият кўрсатмоқда, деб хабар беради ССВ матбуот хизмати.

Қадй этилишича, уларнинг 586 таси жорий йилнинг 9 ойида ташкил этилган янги соғлиқни сақлаш муассасаларидир. Мавжуд хусусий тиббиёт ташкилотларининг барчасида амбулатор, 21 фоизида стационар тиббий хизматлар йўлга қўйилган.

Хусусий секторга давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тиббий хизмат кўрсатишга рухсат берилди ва 29 та нодавлат тиббиёт ташкилоти ҳамда Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ўртасида шартномалар имзоланди. Шунга мувофиқ, 2022 йилнинг 9 ойида улар томонидан 2,5 миллиард сўмлик тиббий хизматлар кўрсатилди.

Жумладан, бажарилаётган 18 йўналишдаги юқори технологик ва мураккаб жарроҳлик операциялари:

травматология ва ортопедия,
акушерлик ва гинекология,
кўз микрохирургияси,
урология,
кардиология ихтисосликларини қамраб олмоқда.


Вазирлик матбуот хизмати хабарида таъкидланишича, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида хусусий сектор улуши ортиб бораётгани соҳада соғлом рақобатни таъминлаш орқали тиббий хизмат сифатини янада ошириш имконини бермоқда.