Андижондаги масжидда ёнғин содир бўлди

Маълум қилинишича, Марҳамат туман Фавқулодда вазиятлар бўлими 20-Ёнғин қутқарув қисмига 2022 йилнинг 19 октябрь куни соат 13:59 да Марҳамат тумани «Гар-гар» МФЙ Малҳам кўчаси 1-уйда жойлашган «Обиджон Ботиров» жомеъ масжидида ёнғин содир бўлганлиги бўйича хабар келиб тушган.

Марҳамат тумани Фавқулодда вазиятлар бўлимининг 20-ЁҚҚнинг 1-2-жанговар бўлинмаси соат 14:06 да воқеа жойига етиб борганида масжиднинг алангаланаётганини кўришган ва ёнғиндаги вазиятни ўрганиб, ёнғиннинг майдонидан келиб чиққан ҳолда Асака тумани ФВБ ва Булоқбоши тумани ФВБларидан қўшимча ёрдам чақирилган. Ёнғин-қутқарув бўлинмалари зудлик билан ёнғинни ўчиришга киришишган.

Соат 14:09 да ёнғин ўраб олиниб, соат 14:35 да бутунлай бартараф этилган. Ёнғинга 5 та Ёнғин қутқарув экипажлари жалб этилган.

Шунингдек, ёнғин оқибатида куйган ва тан жароҳати олганлар йўқлиги маълум қилинган.