Шавкат Мирзиёевнинг янги қарори қабул қилинди

“2022–2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–408-сон, 25.10.2022 й.) қабул қилинди.

Қарорга кўра жойларда ички йўллар, ичимлик сув, электр энергияси ва газ таъминоти ҳамда таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва бошқа инфратузилма объектлари яхшиланади.

Ҳокимликлар, Автомобиль йўллари қўмитаси, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ, “Ўзсувтаъминот” АЖ ва бошқа буюртмачи ташкилотлар 2022 йил 15 ноябрга қадар Дастурлар доирасида амалга ошириладиган лойиҳаларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқади.

Дастурлар доирасидаги қурилиш-таъмирлаш ишлари “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” жамғармалари орқали молиялаштирилади.

2022 йилда ажратилиб, йил якунига қадар ўзлаштирилмасдан қолган маблағлар Давлат бюджетига қайтарилмайди ва ушбу маблағлар 2023 йилда Дастурларда назарда тутилган объектларнинг қурилиш-таъмирлаш ишларини якунлашга йўналтирилади.

Туман (шаҳар) секторлари ва бошқа ҳудудий ташкилотлар раҳбарлари ҳар ойда халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига Дастурлар доирасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ҳисобот бериб боради.