Ёшларга компютер харид қилиш учун кредит ажратилади

1 ноябрдан қонунчиликда нималар ўзгаради?

Ўзини ўзи банд қилиш фаолият турлари яна 10 тага кўпайди

“Норасмий бандлик улушини қисқартириш ҳамда меҳнат ресурслари балансини замонавий ёндашувлар асосида шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига мувофиқ 2022-йил 1-ноябрдан яна 10 та фаолият тури ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатига киритилади. Улар: уй ҳайвонлари (қорамол, қўй, эчки, от ва бошқалар) бозорларида воситачилик хизмати; автомобил бозорларида воситачилик хизмати; риелторлик хизматини кўрсатиш (ижарага уй топиб бериш, уй сотиб олиш ва сотишга кўмаклашиш); уйда сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш ва сотиш хизмати; маиший буюмларни ижарага бериш хизмати (стол-стул, идиш-товоқ, асбоб-ускуна ва бошқалар); гипс ва ганчдан буюмлар ясаш (уй жиҳозлари, эртак қаҳрамонлари ҳайкалларини ясаш); тош ва тош маҳсулотларидан ёдгорлик, сувенир ва декоратив буюмлар тайёрлаш; ёғоч маҳсулотларидан сават, нон маҳсулотлари учун махсус идиш ва бошқа буюмларни тўқиш; уй шароитида пилла етиштириш, шахсий томорқа ер участкасида тут меваси, ниҳоли ва кўчатини етиштириш, уйда ипак мато, ипак гилам тўқиш ва сотиш ҳамда кулолчилик ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатига киритилади. Ҳозирги кунгача 78 турдаги фаолият билан ўзини ўзи банд қилиш мумкин эди.

«Коробка» ҳолатидаги уй-жойлар учун субсидия берилади

Уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш, ипотека кредити механизмларидан фойдаланиш амалиётини янада такомиллаштириш ва кенгайтириш мақсадида “Ипотека кредитидан фойдаланишда аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги (, 22.09.2022, ПҚ-377-сон) қарори қабул қилинди. Унга кўра 2022-йил 1-ноябрдан “коробка” ҳолатидаги уйларни бирламчи уй-жой бозорида сотиб олиш учун ипотека кредитларини ажратишга ҳамда улар бўйича дастлабки бадалнинг ва ипотека кредити бўйича фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидия тўлашга рухсат берилади.

Талабаларга шифохоналарда ишлашга рухсат берилади

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳокимликлар билан биргаликда шифокорларга бўлган эҳтиёжни аниқлаган ҳолда барча ҳудудларда мавжуд вакант лавозимларга талабалар, магистр ва клиник ординаторларни ишга жойлаштириш чораларини кўради. Бу ҳақда «Давлат тиббиёт муассасаларини кадрлар билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарорида белгиланган.

Ҳудудий тиббиёт муассасаларидаги шифокорларга бўлган эҳтиёж аниқланиб, у ерга талабаларни жойлаштириш биринчи босқичда 2022-йил 1-октябрдан бошлаб Сурхондарё вилоятида, иккинчи босқичда эса 2022-йил 1-ноябрдан бошлаб республиканинг қолган ҳудудларида бошланади. Тиббий йўналишда бакалавриат босқичини битирувчи талабаларга тиббиёт муассасаларининг тажрибали шифокорлари ва тиббий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчиларини бириктирилади.

Тадбиркорлар фаолиятини текширишнинг янги тартиби жорий этилади

Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган барча текширувлар «Ягона давлат назорати» ахборот тизимида рўйхатга олинади. Бунда, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида мазкур тизимда рўйхатга олинмаган текширувларни ўтказиш ноқонуний ҳисобланади.

Ёшларга компютер харид қилиш учун кредит ажратилади

Замонавий билим ва касб-ҳунар эгаллаш имкониятларини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида (12.08.2022, ПҚ-350-сон)ги қарорга мувофиқ 1-ноябрдан ИТ-парк резиденти бўлган ташкилотларнинг ахборот технологиялари соҳасида таҳсил олаётган иштирокчи сертификатини олган ёки ушбу ўқув курсларини сўнгги 6 ойда муваффақиятли тамомлаган ёшларга компютер харид қилиш учун БҲМнинг 25 бараваригача (7,5 млн сўмгача) истеъмол кредитлари ажратилади.

Тадбиркорларга ҳоким ёрдамчилари тавсиясига асосан субсидия ажратилади

“Норасмий бандлик улушини қисқартириш ҳамда меҳнат ресурслари балансини замонавий ёндашувлар асосида шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида” (30.08.2022, ПҚ-366-сон)ги қарорга мувофиқ 1-ноябрдан томорқа ер участкалари эгаларини кооперасия ва касаначилик асосида иш билан банд қилган тадбиркорларга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан БҲМнинг 20 бараваригача (6 млн сўмгача) миқдорда ҳоким ёрдамчилари тавсиясига асосан субсидия ажратилади.

Шаҳруза САТТОРОВА