ЖССТ: Дориларга чидамли инфекциялар йилига 10 миллион кишининг ҳаётига зомин бўлиши мумкин

Ер юзида янги инфекциялар пайдо бўляпти. Энг ёмони, уларнинг дориларга чидамли турлари кўпаймоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоботига кўра, бу ҳолат дунё аҳолиси саломатлигига таҳдид солаётган 10 та асосий хавф омилидан биридир.

Жорий йил 18-24 ноябрь кунлари сайёрамизда “Бутунжаҳон микробларга қарши кураш ҳафталиги” деб эълон қилинишининг боиси шунда.

Аслида хавотирлар асосли. Вирус ва бактерияларнинг чидамлилиги, яъни тиббий препаратларга “чап бериш” хусусияти ортиши беморларни даволашни янада қийинлаштирмоқда. Ўз навбатида, касалликнинг тарқалиши учун қулай муҳит юзага келяпти.

Тадқиқотчи ва экспертлар хулосасига кўра, агар антибиотиклардан фойдаланиш бўйича амалдаги стратегия ўзгармаса, 2050 йилга келиб, инфекцияларнинг чидамлилиги ортиши оқибатида ҳаётдан кўз юмадиган беморлар сони йилига 10 миллион нафарга етиши мумкин.

Ҳозир бу кўрсаткич 5 миллион нафарни ташкил этаётганини ҳисобга олсак, замонавий тиббиёт бу борада тезкор ва самарали ечимларга муҳтож эканлиги яна бир бор ойдинлашади.

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, коронавирус пандемияси даврида турли ваҳима ва хавотирлар ортидан антибактериал препаратлар ҳаддан зиёд кўп қўлланилди. Оқибатда инфекцияларнинг дориларга чидамлилик хусусияти янада ортиши кузатилди.