Саакашвилининг тарафдорлари унинг хорижда даволанишини талаб қилиб митинг уюштирди

Тбилисида Грузиянинг учинчи президенти Михаил Саакашвилини қўллаб-қувватлаш учун оммавий митинг бўлиб ўтди. Грузия ҳукумати биноси олдига йиғилган сиёсатчининг тарафдорлари Саакашвилининг хорижга даволаниш учун юборилишини талаб қилди, деб хабар бермоқда Deutsche Welle нашри.

Акцияни шифокорлар ташкиллаштирган, улар Михаил Саакашвилининг тарафдорларидан сиёсий талаблар билдирмасликни сўраган. DW хабар беришича, намойишда мингга яқин одам қатнашган.

Аввалроқ Грузия собиқ раҳбарининг онаси Гиули Аласания Саакашвилининг танасида оғир металлар, жумладан, симоб миқдори нормадан ошиб кетгани аниқланганини айтганди. Унинг танасига моддалар қандай тушгани номаълум, дейди аёл.

Грузия Адлия вазирлигининг Жазони ижро этиш махсус хизмати бу маълумотни рад этди. Шу билан бирга, вазирлик раҳбари Рати Брегадзе «аҳоли Михаил Саакашвилининг соғлиғи ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлиши учун» унинг заҳарлангани бўйича токсикологик тадқиқот ўтказишни сўраб Миллий экспертиза бюросига мурожаат қилмоқчилигини таъкидлади.

Грузиянинг собиқ президенти қамоқхонада икки марта очлик эълон қилиш акцияси туфайли соғлиғи ёмонлашгани учун 2022 йил май ойи ўрталаридан буён Тбилисидаги Вивамед клиникасида ётибди. Михаил Саакашвили деразалари панжарали палатада ва қуролланган қўриқчилар назоратида сақланяпти.

Шифокорлар фикрича, сиёсатчининг соғлиғи ёмонлашган ва ўлимга яқин. Айни пайтда, собиқ президент тарафдорлари Грузияда керакли даражадаги мутахассислар йўқлигига ишонади, шунинг учун расмийлардан Михаил Саакашвилига хорижда даволаниш имкониятини беришни сўрамоқда.