«Ҳа, нима бўлибди?»

Тошкентдаги умумий овқатланиш шохобчаларидан бирида мижозларга бошқалардан қолган овқат сарқитлари берилаётгани маълум бўлди, деб ёзади «Потребитель.уз».

Маълумотларга кўра, кўнгилсиз ҳолат мижозлар ўз-ўзига хизмат кўрсатадиган умумий овқатланиш муассасаларидан бирида содир бўлган. Тақсимлаш пештахтаси ёнида турган сотувчи ликопчада салат еган. Охирига қадар ейишга улгурмай, у сарқитни бошқа мижозларга салат солиб бериладиган умумий контейнерга ташлаган.

Столда худди шу салатни еётган мижозлардан бири воқеага гувоҳ бўлган. У сотувчидан нима учун ўз салатини мижозларга берилаётган идишга солинганини сўраган.

«Ҳа, нима бўлибди?», — дея жавоб қайтарган сотувчи.

Мижоз менежерни чақирган ва ходимларнинг сарқит овқатини мижозларга бериш керак эмаслигини айтган. Бунга жавобан менежер унга бепул овқатланишни таклиф қилган.