Андижонда эр 24 ёшли хотинини обдаста билан уриб ўлдирди

Андижон вилоятининг Асака туманида оилавий келишмовчилик сабаб эр 24 ёшли хотинини обдаста билан уриб ўлдирди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, 5 декабрь куни куни туманнинг «Арғин» маҳалласи яшовчи 24 ёшли Д.Б.нинг жасади яшаш хонадонидан қотиллик аломатлари билан топилган ва ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши бўйича олиб борилган тергов ҳаракатлари ҳамда тезкор-қидирув тадбирлари натижасида мазкур қотиллик жинояти марҳуманинг турмуш ўртоғи Ч.Б. томонидан содир этилгани аниқланган.

Хусусан, фуқаро Ч.Б. 5 декабрь куни соат 11:40 ларда яшаш уйида турмуш ўртоғи Д.Б. билан оилавий келишмовчилик туфайли ўзаро жанжаллашиб қолган. Жанжал вақтида унинг юз ва бош қисмларига металлдан ишланган обдаста билан бир неча маротаба қасддан уриб ўлдирган, обдастадаги қон доғларини ювиб, тозалаб, сўнгра яшаш хонадонидан чиқиб кетган. Эркак Шаҳрихон тумани ҳудудида қурилиши битмаган бинода яшириниб, 7 декабрь кунига кунига ўтар кечаси соат 03:30 ларда яшаш уйига қайтган вақтида ушланган.

Гумонланувчи эркак 29 ёшли бўлиб, корхоналарнинг бирида пайвандчи бўлиб ишлайди, оиланинг икки нафар фарзанди бор.