Журналистларнинг ота-онаси ИИБга чақиртирилгани юзасидан маълумот берилди

Аввалроқ, Ички ишлар органлари ходими Oyina.uz портали Бош муҳаррири ўринбосари Инобат Аҳатова ҳамда Gazeta.uz нашри фотомухбири Шоҳруҳ Ҳайдаровнинг оила аъзолари билан фарзандларининг ижтимоий тармоқ, хусусан Facebook’даги изоҳлари сабаб суҳбат ўтказгани, Аҳтованинг ота-онаси Самарқанд вилояти Нарпай тумани ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига чақиритирилиб, суҳбат ўтказилгани, Ҳайдаровнинг Қарши шаҳридаги уйига эса ИИБ ходимлари қидириб келгани ҳақида хабар берилгар эди. Жамоатчилик орасида кўплаб эътирозларга сабаб бўлаётган ушбу ҳодиса бўйича Ички ишлар вазирлиги Матбуот хизмати раҳбари Шоҳруҳ Ғиёсов баёнот берди.

“Oyina.uz портали Бош муҳаррири ўринбосари Инобат Аҳатова ҳамда Gazeta.uz нашри фотомухбири Шоҳруҳ Ҳайдаровнинг яқинлари ИИБ ходимлари томонидан чақирилганлиги ҳолати ўрганилди.

Маълум бўлишича, Самарқанд вилояти Нарпай тумани ҳамда Қашқадарё вилояти Қарши шаҳар ИИБ раҳбариятининг шахсий ташаббуслари билан жамоатчилик фаоллари томонидан жамиятдаги турли ҳодисаларга ҳамда вақтинчалик қийинчиликларга холис ёндашишларини сўраб, И.Аҳатова ва Ш.Ҳайдаровнинг яқинлари билан суҳбат уюштирилган”, дейилади Ғиёсовнинг баёнотида.

Таъкидланишича, И.Аҳатова ва Ш.Ҳайдаровнинг оила аъзоларига қўнғироқ қилган ИИБ ходимларига танбеҳ берилган ва бу ҳолат яна такрорланса, Ички ишлар органларининг Ахборот хизматлари билан боғланиш тавсия қилинган.

“Ҳурматли журналистлар ва жамоатчилик фаоллари, юқоридаги ҳолат ўрганилди ва масъулларга танбеҳ берилди, келажакда Ички ишлар органлари ходимларининг жамоатчилик назорати билан боғлиқ фаолиятингиз бўйича сўровлар ёки таклифлар келиб тушганда Ички ишлар органларининг Ахборот хизматларига боғланишингизни сўраймиз”, дейилган баёнотда.

Шунингдек, вазирлик воизи жамиятда очиқлик ва шаффофликнинг таъминланиши, ижтимоий ҳодисаларга танқидий ёндашув фақатгина қувватланишини қўшимча қилган.