Ҳар икки боланинг бирида “цифровой аутизм” касаллиги кузатилмоқда

Қозоғистоннинг Zakon.kz телеканали мухбирлари ёш болаларда учраётган “рақамли аутизм” касаллиги тўғрисида лавҳа тайёрлашди. Унда айтилишича, бугунги кунда ҳар икки нафар боланинг бирида шу касаллик кузатилмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, касалликка чалинган ва соғлом болани дастлаб фарқлаш қийин бўлади, ажратиш мумкин бўлган даражага етганда эса, уни даволаш бир қанча қийинчиликларни келтириб чиқариши мумкин.

“Бир кунда камида 5 соат давомида телефондан фойдаланган бола атрофга бефарқ бўлиб қолади, ҳатто исмини айтиб чақирган одамга ҳам эътибор бермайди”, — дейди мутахассис.

Мухбирнинг айтишича, бугунги кунда Қозоғистонда 2 ёшдан 4 ёшгача бўлган болалар гапира олмайди, телефондан меъёридан ортиқ фойдаланиш натижасида “тили чиқиши” кечикмоқда.

Шунингдек, мутахассис бу касалликни даволашда бола билан бирга очиқ ҳавода сайр қилиш ва интелектуал ўйинлар ўйнаш самара бериши мумкинлигини айтиб ўтган.