ССВ:“Док-1 Макс” таблетка ва сироп дори воситалари билан боғлиқ вазият ўрганилмоқда

Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази раҳбари М.Қ.Азизовнинг вилоят ҳокимлиги Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Давронбек Жуманиёзовга йўллаган расмий хатида айтилишича, охирги пайтда болалар ўртасида нафас йўллари вируси касалликлари кўпайган. Шундай вазиятда беморларга бирламчи бўғиндаги шифокорлар ёки оналарнинг ўзи Док-1МАКС препаратини беришяпти.

«Док-1МАКС препарати қўлланганда жуда кўп ҳолатларда ножўя таъсири оқибатида бизга мурожаат қилмоқда. Асосан болаларда буйрак зарарланиши ва етишмовчилиги белгилари билан намоён бўлмоқда.

Охирги 2 ойда 21 нафар бемор шу дорини қабул қилгандан сўнг ножўя таъсири билан марказга мурожаат қилган. Бемор болаларда асосан анурия кузатилган.

Булардан 17 нафарида касаллик ниҳоятда оғир кечди, ҳатто бир нечта гемодиализ сеанслари ўтказишга ҳам тўғри келди. 15 нафарида ўлим ҳолати кузатилди»», — деб ёзган марказ бош врачи.

ССВ матбуот хизмати «Док-1 Макс» таблетка ва сироп дори воситалари билан боғлиқ вазият ўрганилаётгани ҳақида маълум қилди.

«Ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳридаги дорихоналардан харид қилинган «Док-1 Макс» таблетка ва сироп дори воситаларини қабул қилгандан сўнг беморларда турли ножўя таъсирлар кузатилгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ушбу вазиятни дарҳол назоратга олди. Беморлар аҳволини ўрганиш ва ҳолат сабабларини аниқлаш мақсадида тезкор мутахассислар гуруҳи тузилди.

Унинг таркибига агентлик ҳамда Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш Давлат марказининг малакали мутахассислари киритилди.

Самарқанддаги дорихоналардан харид қилинган Ҳиндистонинг Marion Biotech Pvt. Ltd компаниясига тегишли «Док-1 Макс» таблетка, лимон ва асал таъмли сироп дори воситалари ўрнатилган тартибда экспертизадан ўтказилмоқда. Лаборатория таҳлиллари якунлангач, унинг натижалари ҳақида эълон қилинади», дейилади хабарда.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги матбуот хизмати хабарига кўра, ушбу дори воситаларининг юртимиздаги савдоси 2022 йил 22 декабрдан вақтинча тўхтатилди ва бу ҳақда «Quramax Medical» МЧЖ томонидан реализация қилинган ташкилотларга хабар юборилган.