Россиялик олигархларнинг активларини Украина фойдасига мусодара қилиш маъқулланди

АҚШ Конгресси Сенати 2023 йилги бюджет лойиҳасига россиялик тадбиркорларнинг активларини Украина фойдасига мусодара қилиш тўғрисидаги бандни киритди. Бу ҳақда АҚШнинг Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик бўйича комиссияси катта сиёсий маслаҳатчиси Пол Массаро маълум қилди.

«АҚШ Сенати мусодара қилинган олигарх активларини Украинага юборишни бир овоздан маъқуллади», — деб ёзган Массаро Twitter’да.

Бюджетга бундай тузатиш киритишни республикачи сенатор Линдси Грем таклиф қилган. «Ушбу тузатиш Адлия вазирлигига Давлат котиби орқали олигархлар ёки санкциялар остидаги бошқа ташкилотларнинг мусодара қилинган активларидан тушган маблағларни Украина халқига ўтказиш имконини беради», — деди Грем CNN телеканалига.

Украинада уруш бошланганидан кейин Европа Иттифоқи давлатлари, АҚШ ва уларнинг иттифоқчилари айрим россиялик тадбиркор ва компанияларнинг активларини блоклашни бошлади. Украина ҳукумати Россиянинг музлатилган активларини мамлакатнинг ҳарбий ҳаракатлардан зарар кўрган ҳудудларини тиклашга ўтказиш ташаббуси билан чиқди.

Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен музлатилган 300 миллиард евролик Россия активлари ва россияликларнинг 19 миллиард евролик шахсий активларидан махсус жамғарма яратишни таклиф қилди. У Россия билан можародан Украинага етказилган зарарни 600 миллиард еврога баҳолаган. Шу билан бирга, WSJ манбаларининг таъкидлашича, Европа Иттифоқи халқаро давлат иммунитети принципи туфайли Украинага музлатилган активларини жўната олмаслиги мумкин.