Қашқадарёдаги бозорда ҳоким ўринбосари калтакланди

Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги «Файз» деҳқон бозорида 2 январь куни савдогарлар мутасаддиларга қаршилик қилиб, жанжал чиқарган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, соат 10:30 да Қамаши тумани ҳокими ўринбосари М.Н. ва бозор раҳбари А.А. ҳудудга келиб, ободонлаштириш ишларининг боришини назорат қилган. Бозор атрофига бетон ариқ ўрнатиш мақсадида эксковатор ишлаётган вақтда фуқаролар жанжал чиқарган.

Жанжал вақтида фуқаролар З.Т. ва Н.Б. билан ҳоким ўринбосарини қасддан бир неча маротаба уриб, эксковатор ойнасига тош отиб синдириб, бозорқўмга тегишли Nexia-2 машинасига зарар етказиб, фуқароларни фаол қаршилик кўрсатишга жалб қилган.

Воқеа жойига Қамаши туман ИИБ ходимлари чиқиб, фуқароларни тинчлантириб, жамоат тартиби сақлашга эришилган. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.