Хитойда коронавирусдан ўлим даражаси юқорилиги туфайли, крематорийлар тўлиб кетди

Хитойда коронавирус билан касалланганлар сонининг кескин ўсиши натижасида бутун мамлакат бўйлаб крематорийлар (мурдалар куйдириладиган махсус жой) лиқ тўлган. Бу ҳақда Bloomberg Хитой дафн этиш тармоғи ишчилари ва экспертларга таяниб хабар берди.

Декабрь ойида касалланиш ҳолатлари кескин кўпайиши фонида Хитой коронавирус бўйича кундалик маълумотларни эълон қилишни тўхтатди. Ўлимлар сони январда 9 мингдан 25 мингтагача ўсиб кетиши мумкин.

Пекин ва Шанхайдаги крематорийлар ишчиалри Bloomberg’га маълум қилишича, COVID-19 дан вафот этганларнинг жасадлари кеча-ю кундуз куйдирилмоқда, кремация учун энг яқин орадаги бўш жой сифатида эса фақат январь ўрталарини банд қилиш мумкин. Дафн қилиш тармоғи ишчиларидан бири касалланганлар сонининг ошиб кетиши туфайли «тизим ишдан чиққани»ни айтди.

Лунхуадаги крематорийлардан бирида маълум қилишларича, ҳар куни у ерга 500 дан ортиқ мурда келиб тушади. Бундай вазият сабабли Хитойда жасадларни куйдириш бўйича яширин бизнес юзага келган. Илгарилари кремация бир неча минг юань турган бўлса, январда баъзи крематорийлар уч кун ичидаги кремация учун 68 минг юань (9870 доллар), ўлим юз берган куни кремация қилиш учун эса 88 минг юань (12 770 доллар) сўрай бошлаган.

Аввалроқ Евроиттифоқ ҳукумати Хитойга COVID-19 нинг янги тўлқинига қарши курашда ёрдам сифатида вирусга қарши бепул вакциналарни етказиб беришни таклиф қилган эди. Соғлиқни сақлаш масалалари бўйича еврокомиссар Стелла Кириакидес коронавируснинг дунё бўйлаб қайтадан авж олиши эҳтимолига «европача жавоб»ни ишлаб чиқмоқчилиги айтилганди.