Ходими пора олгани учун Республика тез тиббий ёрдам маркази Андижон филиали директори лавозимидан озод этилди

Андижонда коррупцион ҳолат юзага келишига эътиборсиз бўлган тез тиббий ёрдам хизмати масъуллари ишдан олинди, деб хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда Республика тез тиббий ёрдам маркази Андижон филиалининг кадрлар бўлими инспектори Ж.М. пора олаётган вақтда қўлга олингани ҳақида хабарлар тарқалди.

Мазкур ҳолат вазирлик томонидан ўрганилганда, Ж.М. 2022 йил 25 декабрдан Республика тез тиббий ёрдам маркази Андижон ҳудудий филиалининг кадрлар бўлимида инспектор сифатида иш бошлагани аниқланган.

У 2023 йил 7 январь куни соат 13:00 лар атрофида Андижон шаҳрининг «Сой» маҳалласи ҳудудидаги дорихона олдида фуқарони ишга олиб кириб қўйиш эвазига ундан 400 долларини олаётган пайтда ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан қўлга олинган.

Ҳозир мазкур воқеа юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Вазирлик томонидан ушбу ҳолат ўрганилиб, эътиборсизлиги оқибатида коррупциявий ҳолат содир этилишига шароит яратиб бергани, муассаса ходимлари ўртасида етарлича тушунтириш ишларини олиб бормагани учун Республика тез тиббий ёрдам маркази Андижон филиали директори И. А. ва кадрлар бўлими бошлиғи Э.Х. эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.