Халқ билан ҳокимиятни бир бирига қайраш – асли хоинликдир — Алишер Қодиров

Ўзбекистондаги етакчи партия раҳбарлари ёппасига Россия билан имзоланган “йўл харитаси”ни ёқлаб чиқа бошлади.

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва Россиянинг “Газпром” компанияси ўртасида газ соҳасида ҳамкорлик масалалари бўйича йўл харитаси имзоланди. Бу эса ижтимоий тармоқларда аҳоли орасида кенг норозиликка сабаб бўлди.

Ҳокимиятнинг “тижорат сири” ва бошқа баҳоналарга ҳавола қилмасдан, ҳужжат тафсилотлари ҳақида очиқ эълон қилиши кераклигини талаб қилиб чиқишди.

Энергетика вазирлиги бу норозиликдан сўнг тилга кирди ва кечиккан баёнотини эълон қилди.

Энди бугун бошқа бир янгилик эътиборимизни тортди. Мамлакатимиздаги етакчи партия раҳбарлари бугун ёппасига ушбу шартномани маъқуллаб чиқа бошлади. Бунда ЎзЛиДеП партия раҳбари Актам Ҳайитов ҳамда Миллий тикланиш партияси раҳбари Алишер Қодиров пешқадамлик кўрсатмоқда.

“Энергетика ва Ташқи ишлар вазирлари билан «Газпром» йўл харитаси тафсилотларини гаплашдим.

Бу инсонлар мураккаб даврда мамлакатимиз манфаатлари учун жиддий ва фойдали ишлар қилишмоқда.

Бу иш миллий манфаатларимизга зарар эмас, аксинча яхшигина фойда келтирмоқда.

Кўп томонлама бўлган бу келишув тугалланса, батафсил ахборот берилади, бу бизнес одоби, сир эмас!

Сўз эркинлиги биринчи навбатда масъулиятдир.

«Йўл харитаси» билан «шартнома»ни фарқлай олмайдиганлар халқ манфаати учун курашаётган масъулларни хоинликда айблаши, билиб ёки билмай Ўзбекистон манфаатига зид йўналишда ишлашга ўхшаб қолаяпти.

Фикримча, мураккаб шароитларда, тўғрисини билмасдан, халқ билан ҳокимиятни бир бирига қайраш – асли хоинликдир.

Яхши гумонда бўламиз!”, дея ёзиб қолдирган Алишер Қодиров ўзининг телеграм каналида.

Шунингдек, ЎзЛиДеП етакчиси Актам Ҳайитов фақатгина ўзининг номидан эмас, балки бутун партия аъзолари номидан ушбу имзоланган шартномани маъқуллашини ёзиб қолдирган.

“Энергетика вазирлиги давлатимиз, ҳукуматимиз халқимизнинг табиий газга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш учун зарур барча чораларни кўрмоқда. Муҳими, бу чоралар мустақиллигимизга ҳеч қандай путур етказмайди, аксинча, иқтисодиётимиз ривожига, мустақиллигимиз мустаҳкамланишига хизмат қилади. Ана шу омилларни ҳисобга олган ҳолда партиямиз мазкур саъй-ҳаракатларни тўла қўллаб-қувватлайди, тилга олинган ҳамкорликка хайрихоҳлигини билдиради. ЎзЛиДеП дастурида ҳам шу сингари масалаларга оид позисиямиз аниқ-равшан белгилаб қўйилган: “Биз, энг аввало, халқимиз ва мамлакат манфаатларни ҳимоя қилиш ва илгари суришга, яқин ва узоқ хорижий мамлакатлар, бутун дунё ҳамжамияти билан самарали ҳамкорликни давом эттиришга йўналтирилган ташқи сиёсий фаолиятни қўллаб-қувватлаймиз”, дея ёзмоқда Актам Ҳайитов…

Қолган партиялар бу борада ҳозирча сукут сақламоқда.