Ўзбекистонда яна бир давлат стипендияси таъсис этилади

2023/2024 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасалари талабалари учун тарих ва география йўналишларида Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги давлат стипендияси таъсис этилади. Бу борада Президентнинг тегишли қарори имзоланди.

Ҳужжат билан Вазирлар Маҳкамасига уч ой муддатда мазкур давлат стипендиясини тайинлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш вазифаси топширилган.

Шунингдек, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Бобур номидаги халқаро жамоат фонди билан биргаликда:

икки ой муддатда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижодий меросини тадқиқ этиш бўйича илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси талабларига мувофиқ илмий лойиҳалар танловини эълон қилади;
ушбу қарорнинг 6-бандида белгиланган адабиётларни тайёрлаш билан боғлиқ ишлар учун давлат илмий дастурлари доирасида мақсадли маблағлар ажратилишини таъминлайди;
талабалар ҳамда тадқиқотчилар ўртасида Бобур Мирзо ҳаёти ва ижодига бағишланган янги илмий-публицистик ҳамда бадиий асарлар танловини ўтказади;
Бобур Мирзо ҳаёти ва фаолиятига бағишланган асарларнинг ўзбек тилидан хорижий тилларга ҳамда хорижий тиллардан ўзбек тилига босқичма-босқич таржима қилиниши ва чоп этилишини таъминлайди.

Эслатиб ўтамиз, бунга қадар Ўзбекистонда 9 та Президент ҳамда номдор давлат стипендиялари мавжуд.