Энди меҳмонхоналарда жуфтликлардан “ЗАГС” қоғози талаб қилинмайди

Ўзбекистонда меҳмонхона хизматларини кўрсатишда доимий яшаш жойи ва никоҳ гувоҳномаси талаб қилинмайди. Бу ҳақда “Туризм хизматларини сертификатлаш маркази” давлат унитар корхонаси Ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини тиклаш ва ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш чора-тадбирлари тўғрисида“ги Қарорга асосан “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлаштириш бўйича хизматларни кўрсатиш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланган.

Низомнинг 5-бандига кўра, мижознинг доимий яшаш жойи, фуқаролиги, жисмоний шахсларнинг қариндошлик ва никоҳ муносабатлари, шунингдек, шахсий ҳаёт ҳуқуқини чекловчи бошқа омиллардан қатъий назар меҳмонхона хизматлари кўрсатилиши лозимлиги белгилаб қўйилган.

“Шуни таъкидлаш жоизки, меҳмонхона хизматларини тақдим қилувчи тадбиркорлик субъектлари ички тартиб қоидаларини ишлаб чиқиши лозим. Ишлаб чиқилган ички тартиб қоидалари юқоридаги Низом талабларига зид бўлмаслиги керак”, дейилади хабарда.

Шунингдек, хабарда айтилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 июндаги 389-сон қарори билан янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига фуқаронинг шахсини тасдиқловчи расмий давлат ҳужжати мақоми берилган. Шу туфайли меҳмонхоналар ва бошқа жойлаштириш объектлари фуқаролик паспорти йўқлигига ишора қилиб, янги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси тақдим этилганда меҳмонхона хизматларини кўрсатишни рад этишга ҳақли эмас.