Ҳиндистонда 100 йил ичидаги энг иссиқ февраль ойи қайд этилди

Метеорологлар Ҳиндистонда 1901 йилдан бери энг иссиқ февраль қайд этилганидан сўнг, ёз жуда иссиқ бўлишини башорат қилмоқда, дея хабар бермоқда BBC News.

Февраль ойида ўртача максимал ҳарорат 29,5 даражани ташкил этди, бу Ҳиндистонда энг юқори кўрсаткичдир.

Ҳиндистон метеорология департаменти (ҲМД) ҳам мартдан майгача иссиқлик тўлқинларининг «юқори эҳтимоли» бўлишини прогноз қилмоқда.

Узоқ муддатли иссиқлик тўлқини буғдой етиштиришга таъсир қилиши ва электр энергиясига бўлган талабни ошириши мумкин.

«Ҳиндистоннинг шимоли-шарқий, шарқий ва марказий қисмларида, шунингдек, шимоли-ғарбий Ҳиндистоннинг баъзи қисмларида март ва май ойларида ҳарорат меъёрдан анча юқори бўлиши мумкин», – дейилади ҲМД баёнотида.