ССВ: Ўз вазифасига масъулиятсиз ёндашган бир қатор раҳбар ходимлар лавозимидан озод этилди

Бугун Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов раҳбарлигида вазирликнинг навбатдан ташқари Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди. Танқидий руҳда кечган мажлисда тизимдаги қатор йўналишлар бўйича амалга оширилган ишлар, йўл қўйилган хато ва камчиликлар чуқур таҳлил этилди.

Таъкидланганидек, юртимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини ошириш, бу орқали фуқароларнинг тиббиёт тизимидан розилигини таъминлашга устувор вазифа сифатида қаралмоқда.

Бироқ шунга қарамай, тизимда ечимини кутаётган масалалар, ҳал қилиниши лозим бўлган муаммолар йўқ эмас.

Хусусан, соҳада бюрократик тўсиқлар, афсуски, ҳали ҳам учраб турибди. Айниқса, аҳолини сифатли дори-дармон воситалари, тиббий буюм ва жиҳозлар билан таъминлаш, тизимда ижро интизомини назорат қилиш борасида қатор муаммолар мавжуд.

Шунингдек, соғлиқни сақлаш йўналишида халқаро инвестициялар жалб қилинишини мувофиқлаштириш, болалар тиббиётида илғор даволаш усулларини амалиётга татбиқ этиш бўйича ишлар ҳам етарли даражада ташкил қилинмаяпти.

Бу эса соғлиқни сақлаш соҳаси бошқарув тизимида ҳануз замон талабларига мос, янгича фикрловчи, ташаббускор, муаммоли масалалар ечимига профессионал ва креатив ёндашадиган кадрлар етишмаслигини кўрсатмоқда.

Шундан келиб чиқиб, берилган топшириқ ва вазифалар ҳамда қўйилган талабларни ўз вақтида бажармагани сабабли “O‘zmedimpeks” МЧЖ директори А.Набиев, Болалар миллий тиббиёт маркази директори вазифасини вақтинча бажарувчи А.Шарипов эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди.

Шунингдек, ўз йўналишида етарли натижа кўрсата олмагани боис вазирликнинг Дори воситалари ва тиббий буюмлар ва жиҳозлар муомаласини тартибга солиш ва мурувват ёрдамини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Х.Ганиева ҳамда яна бир қатор масъуллар ҳам ишдан олингани маълум қилинди.

Йиғилишда вазир А.Иноятов тиббиёт тизимидаги ҳар бир раҳбар ўз вазифасига виждонан ёндашиши кераклигини алоҳида таъкидлаб, бугунги кун талабидан келиб чиққан ҳолда соҳа олдида турган долзарб масалаларга тўхталиб ўтди.