Тошкентда 11-синф ўқувчиси синфдошини пичоқлади


Тошкент шаҳри Миробод туманидаги мактабларнинг бирида 11-синф ўқувчиси келишмовчилик сабаб ўз синфдошини пичоқлаб қўйди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ маълум қилди.

Маълум қилинишича, кеча 11 март куни тахминан соат 14.00 ларда Миробод туманидаги мактаблардан бирининг 11-синф ўқувчилари: 2006 йилда туғилган Т.А. ҳамда 2005 йилда туғилган О.Ж., шу тумандаги спорт майдончаларидан бирида баскетбол ўйнаётган вақтида ўзаро оғзаки гап талашиб қолган. Шундан сўнг, вояга етмаган 2006 йилда туғилган Т.А. ушбу келишмовчиликни тинч йўл билан ҳал қилиш ўрнига, ўзи билан олиб келган пичоқ билан 2005 йилда туғилган О.Ж. ни бел соҳасига бир маротаба урган. Натижада, О.Ж. тиббий ёрдам кўрсатилиши учун шифохонага олиб борилган. Ҳозирда О.Ж.нинг ҳолати қониқарли.

Мазкур ҳолат юзасидан Миробод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси («Безорилик») билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов олиб борилмоқда.