Хитойда сунъий интеллект асосида виртуал телебошловчи яратилди

Хитойнинг People’s Daily давлат нашрида сунъий интеллект ёрдамида яратилган янги телебошловчи фаолият юритишни бошлади. Унга Рен Хиаоронг номи берилди. Бу ҳақда Daily Mail хабар берди.


Технология “минглаб бошловчилар”нинг профессионал маҳоратига эга ва исталган мавзуда эркин гапира олади. Виртуал қиз йил бўйи исталган мавзудаги янгиликларни эфирга узата олиши айтилмоқда.

“Мен 365 кун, 24 соат бутун йил давомида, кечаю кундуз, дам олмасдан янгиликларни узатиб бораман”, — дейди Рен.

Бошловчи фақат олдиндан берилган саволларга жавоб бера олади. Унинг жавоблари Хитой Коммунистик партияси марказий қўмитаси томонидан ўз ғояларини илгари суриш учун ишлатилади. Томошабинлар сунъий интеллектни пропагандада айбламоқда.

Бир томошабин Рен илғор технологиялар, солиқ имтиёзлари, тўловлар, Хитойнинг “Икки сессия” сиёсий конференциясини муҳокама қилиши мумкинлигини айтди. Бироқ бошловчи жавоби одамлар томонидан олдиндан ёзилган ва ҳукумат ташвиқотини ўз ичига олади. Сунъий интеллект ёрдамида яратилган бошловчи биринчи марта Weibo стриминг-платформасидаги видеолавҳада намойиш этилган. 2018 йилда Sinxua давлат ахборот агентлиги биринчи сунъий интеллектли бошловчини тақдим этган.