Бухородаги паркда эр-хотин фарзанди билан тушиб кетган аттракциондан фойдаланиш тақиқланган бўлган — “Контехназорат”

Бухоро шаҳрида жойлашган истироҳат боғида эр-хотин ва уларнинг фарзанди аттракциондан йиқилгани тўғрисида хабар берилганди. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси бахтсиз ҳодиса юзасидан маълумот берди.

Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси (“Контехназорат”)нинг маълум қилишича, 2022 йилнинг декабрь ойида фавқулодда вазиятлар бўлинмалари ходимлари билан ҳамкорликда “Сомонийлар” маданият ва истироҳат боғидаги аттракционлар, шу жумладан, “Х.Ш.” Якка тартибдаги тадбиркорга қарашли бўлган “Твистер” аттракционининг хавфсизлик ҳолатини ўрганиш бўйича профилактик тадбир ўтказилган.

Натижада ушбу аттракцион статик ва динамик синовлардан ўтказилмагани, аттракцион эгаси томонидан аттракциондан фойдаланиш учун белгиланган тартибда рухсатнома олинмагани, аттракциондан хавфсиз фойдаланиш бўйича жавобгар шахс тайинланмагани аниқланган. Ўрганиш ўтказган ишчи гуруҳ томонидан ушбу камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрсатма берилган ҳамда аттракциондан фойдаланиш тақиқланган.

Шунга қарамасдан аттракциондан ўзбошимча фойдаланилгани ва жавобгар шахс томонидан кундалик техник назорат амалга оширилмагани натижасида аттракцион ўриндиқларини тутиб турувчи металл мослама ички томонидан емирилиб, аттракцион корпусидан узилиб кетган ва бир оила (3 киши) жароҳат олган.

Ҳолат юзасидан ички ишлар органлари томонидан текширув олиб борилмоқда. “Контехназорат” инспекцияси томонидан “Твистер” аттракциони текширувини ўтказиш бизнес вакил билан келишилмоқда.