Андижонда 64 ёшли шифокор калтакланди

Ижтимоий тармоқларда Бўстон туманида шифокор беморнинг эри томонидан калтаклангани ҳақида хабарлар тарқалди. Андижон вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати ушбу ҳолат юзасидан маълумот берди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 10 март куни соат 05:20 лар чамасида фуқаро М.Д. турмуш ўртоғи М.Д.ни Бўстон туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч қабулхона бўлимига олиб келган. Ушбу бемор навбатчи жарроҳ Б.Қ. томонидан кўрилиб, ичак санчиғи ташхиси қўйилган. Беморга аналгин, Димедрол қилиниб, қабулхонада зудлик билан УЗИ ва бошқа текширувлардан ўтказилган.

Беморнинг турмуш ўртоғи М.Д. навбатчи шифокор кўригидан норози бўлиб, унинг бошига чашка ҳамда юз соҳасига мушт билан уриб, тан жароҳати етказган.

Б.Қ. рентген текширувидан ўтказилганида бурун суягининг ёпиқ синиши ҳамда устки соҳасининг йиртилиши ташхиси қўйилган.

Ҳозирда туман прокуратураси томонидан суриштирув-тергов ишлари олиб борилмоқда.