Ўзбекистонда яна сел-сув тошқини хавфи эълон қилинди

“Ўзгидромет” 2—4 апрель кунлари кутилаётган кучли ёмғирлар ёғиши сабабли республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқини юзага келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Қайд этилишича, 2—4 апрелда Ўзбекистон бўйича вақти-вақти билан ёмғир ёғади, Навоий, Самарқанд, Қашқадарё вилоятларида, тоғолди ва тоғли ҳудудларда баъзи жойларда кучли бўлади.

Республиканинг айрим ҳудудларида дўл ёғиши мумкин. 1—4 апрелда баъзи жойларда шамол тезлиги 15-20 метр/секундгача кучайиши, шимолда ва чўл ҳудудларда чанг-тўзон билан 22-25 метр/секундгача кучайиши мумкин.

Қуйидаги ҳудудларида сел-сув тошқини кузатилиши мумкин:

Қашқадарё вилояти Яккабоғ, Деҳқонобод, Чироқчи, Китоб, Шаҳрисабз, Қамаши, Ғузор туманларида;
Сурхондарё вилояти Сариосиё, Узун, Олтинсой, Денов, Бойсун, Шеробод, Шўрчи, Қумқўрғон, Музработ туманларида;
Самарқанд вилояти Ургут, Самарқанд, Булунғур, Нуробод, Қўшработ, Каттақўрғон, Паяриқ, Жомбой, Иштихон туманларида;
Навоий вилояти Хатирчи, Навбаҳор, Нурота, Конимех, Кармана туманларида;
Жиззах вилояти Зомин, Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Фориш, Янгиобод туманларида;
Тошкент вилояти Оҳангарон, Бўстонлиқ, Паркент, Пискент, Ўрта Чирчиқ, Юқори Чирчиқ туманларида ва Ангрен, Олмалиқ шаҳарларида;
Наманган вилояти Поп, Косонсой, Чортоқ, Чуст, Наманган, Янгиқўрғон туманларида;
Фарғона вилояти Сўх, Шоҳимардон, Фарғона, Бешариқ туманларида;
Андижон вилояти Андижон, Асака, Жалақудуқ, Қўрғонтепа, Пахтаобод, Избоскан, Хўжаобод, Марҳамат туманларида ва Хонобод шаҳрида.
“Тоғолди ва тоғли ҳудудларда истиқомат қилувчи фуқаролар, дам олувчилар ҳамда тоғли ҳудудларда ҳаракатланувчи ҳайдовчилардан эҳтиёткорлик чораларини кўришларини сўраймиз”, — дейилади “Ўзгидромет” огоҳлантиришида.