Ижтимоий тармоқларда «Янги Ўзбекистон» боғида 10000 та пластик ўрдакчалар туширилмоқчи эканлиги ҳақида хабар тарқалди.
Экология Вазирлиги бундай хатти-ҳаракатларни кескин қаролади ва бундай ҳолатлар қонунга кўра жавобгарликка сабаб бўлишини маълум қилди.
Ҳолат юзасидан вазирлик томонидан воқеа жойига чиқилиб, мутасаддилар билан тушунтириш ишлари олиб борилди. Бундай хатти-ҳаракатлар Ўзбекистон Республикасининг «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги ва «Чиқиндилар тўғрисида»ги қонунларни қўпол равишда бузиш ҳисобланиши ҳамда жавобгарликка сабаб бўлиши тўғрисида қатъий огоҳлантирилди.
Вазирлик истироҳат боғлари, дам олиш масканлари мутасаддиларини экологияга зарар келтирадиган хатти-ҳаракатларни амалга оширмасликка чақиради. Шунингдек, блогерлар, вайнерлар, ижтимоий тармоқлар фаолларидан табиатни асраб-авайлашга қаратилган ғояларни тарғиб қилишни, бу мавзуларда ижтимоий роликлар тайёрлашни сўрайди. Вазирлик бу борада уларга кўмак беришга тайёр.
Пластик буюмлар узоқ муддат чиримайди ва чиқинди сифатида табиатга катта зарар етказади. Шундай экан, ўзимиз ва фарзандларимиз яшаб турган табиатни тоза сақлашга, асраб-авайлашга ҳисса қўшайлик, дейилади вазирлик хабарида