Бугун, 4 август куни АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳридаги 22 минг томошабин сиғимига эга «BMO Stadium» аренасида бокс кечасининг марказий жангида супер ярим ўрта вазн тоифасида WBA йўналиши чемпиони Исроил Мадримов ва америкалик Теренс Кроуфорд тўқнаш келди.
Ушбу баҳсда ўзбекистонлик 29 ёшли боксчи ўзига тегишли WBA камарини ҳимоя қилиши лозим эди, биринчи ўрта вазнда эгасиз бўлиб турган WBO Interim камари ҳам ўртага қўйилганди.
36 ёшли Теренс Кроуфорд жанг олдидан «Pound-for-pound» рейтинги етакчиси ҳисобланарди. У проф боксда жами 40 та жангида 40 та ғалабага эришган эди. Енгилмас Кроуфорд тахаллусини олган чарм қўлқоп устаси мутлақ жаҳон чемпиони, WBC ва WBA камарлари эгаси саналарди.
Исроил Мадримов эса супер ярим ўрта вазн тоифасида WBA камари соҳиби саналиб, профессионал боксдаги 10 та жангидан 9 тасида ғалабага эришган, фақат битта жангда дуранг қайд этган. 7 та жангни нокаут билан якунлаган. У 8 март куни Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида россиялик Магомед Курбановни 5-раундда нокаутга учратиб, WBA камарини қўлга киритганди.
Жангнинг дастлабки 5 та раундидан кейин мустақил таҳлилчилар Исроилнинг очколар бўйича 3:2 ҳисобидаги устунлигини қайд этган бўлса, 6-раунддан бошлаб Кроуфорд раундларни ўз фойдасига ҳал қила бошлади. Шунга қарамай, Мадримов 12 раунд давомида рақиби билан тенгма-тенг жанг олиб бориб, бир қатор аниқ ва кучли зарбалар йўллади. Аммо ҳакамлар қарорига кўра, устунлик мезбон боксчига берилди (116–112, 115–113, 115–113) ва у очколар бўйича ғалаба қозонди.
Шу тариқа, Мадримов 11-жангига келиб илк мағлубиятга учради, Теренс эса 41-жангида ҳам ғалаба қозонди ва 4 та вазн тоифасида жаҳон чемпионига айланди.