Самарқанд шаҳрида 26−30 август кунлари «Шарқ тароналари» XIII халқаро мусиқа фестивали бўлиб ўтмоқда. Тадбирлар доирасида маданият вазири Озодбек Назарбеков ОАВ вакилларига интервью берди.
Журналистларнинг «Шарқ тароналари» ва шу каби фестивалларни ўтказишдан қандай мақсад борлиги ҳақидаги саволига жавоб берган вазир миллий маданиятларга таҳдидлар мавжудлигини айтиб, қадриятларни асраб қолиш учун фестиваллар ўтказиш муҳимлигини қайд этди.
«Ҳар қандай миллий маданиятларга қаттиқ таҳдид бор. Айнан бугунги илмий-амалий конференция мавзуси („Шарқ халқлари мусиқа маданияти: глобаллашув жараёнларида ижодий уйғунлашув тамойиллари“ — таҳр.) ҳам шунга қаратилган, яъни бугунги кунда миллатларнинг ўзини йўқотиши — бу инсон маданиятининг охир-оқибат йўқ бўлишига [сабабчи бўлар], эҳтимол, глобаллашув йўриқномаларида айнан шу нарсалар мақсад қилингандир, биз буни ҳам билмаймиз. Шунинг учун ўта ҳушёр туришимиз керак, халқаро майдондаги беқарорликлар ва бошқарув имкониятлари қанақадир қора кучларда экани бугун кўриниб турибди, буни бутун дунё кўряпти. Биз мана шундай даврда ўзимизнинг қадриятларимиз, маданиятимизни маҳкам тутган ва бутун дунёни шу позицияга чорлаган ҳолда бундай иллатлар ёки таҳдидларга қарши тура оламиз», — деди у.
«Сизлар кўп савол берасизлар бизга: „Мақом“ фестивали қиляпсизлар, „Бахшичилик“, „Ҳунармандлар“ фестиваллари қиляпсизлар, булар керакми, керакмасми, ундан кўра асфальт қилган яхшимасми, деган миллионта хар ҳил фикрлар билдирилади. Лекин ҳозир бу муаммога [қарши курашиш], кечирсизлару, битта кўчани асфальт қилгандан кўра муҳимроқ. Чунки инсон маданиятига таҳдид бостириб келяпти, шунинг учун бунақа фестивалларга 3−5 млрд сўм ишлатиш, менимча, инсон келажагини асраб қолишда жуда муҳим. Маданият вазири сифатида [бундай фестиваллар] асфальтдан ҳам муҳимроқ, бошқа нарсалардан ҳам ўта муҳим бўлган масала, деб ўйлайман», — дея қўшимча қилди ҳукумат вакили.