Шундай бўлса-да, мазкур лойиҳанинг амалга ошиш масаласи айни дамда Ҳукумат комиссияси томонидан кўриб чиқилмоқда.
2024 йилнинг 2 июль кунида Автомобиль йўллари қўмитасидан Экология вазирлигига Сурхондарё вилоятида “4R105 “Дарбанд-Бойсун-Элбаён” ва 4R100 “Манғузор-Жарқўрғон-Бандихон-Олтинсой-Денов” автомобиль йўлларининг баъзи қисмларини реконструкция қилиш лойиҳасини амалга ошириш жараёнига тўсқинлик қилаётган 9405 туп дарахтни кўчириб ўтказишга доир тегишли кўрсатма сўралган хат йўлланган.
Вазирлик бунга жавобан Ўзбекистон Президентининг 2021 йилдаги 46-сон Фармонига мувофиқ, давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторий амал қилингани ҳамда 2023 йилдаги 81-сон Фармонига кўра экология ва атроф-муҳитга зарар етказиш, ўсимлик ва ҳайвонот олами дунёси объектларини нобуд қилиш ёки уларга шикаст етказиш билан боғлиқ жиноятларни оғир жиноятлар тоифасига киритиш белгиланганини эслатган.
Юқорида қайд этилган ҳудуддаги дарахтларнинг кўп йиллик ёши ва ҳажмидан ҳамда уларнинг ҳозирда тиним (вегетатция) даврида эканидан келиб чиқиб, Экология вазирлиги дарахтларни кўчиришга рад жавобини берган. Шунингдек, ушбу лойиҳани амалга оширишда дарахтлардан холи ҳудудни танлаш ва бу борада лойиҳага тегишли ўзгартиришлар киритишни тавсия қилган.
Шундай бўлса-да, мазкур лойиҳанинг амалга ошиш масаласи айни дамда Ҳукумат комиссияси томонидан кўриб чиқилмоқда, зеро Сурхондарё вилояти ҳокимлиги томонидан инсон ҳаёти хавфсизлигини таъминлаш нуқтаи назаридан ушбу йўналишдаги йўл инфратузилмаси такомиллаштирувга муҳтожлиги қайд этилмоқда.
Кучли ёмғир ёғиши ва сел келиши оқибатида йўл ва кўприклар таъмирталаб ҳолатга келиб қолган. Автомобиллар сонининг кундан кунга ошиши эса йўлларда тирбандликларни юзага келтирмоқда. Натижада автомобилларнинг харакатланишида қийинчиликлар юзага келиб, автоҳолакат ҳодисалари купаймоқда. Жумладан, 2022-2024 йиллар мобайнида бу ерда 54 та автоҳолакат ҳодисаси содир бўлган, бунинг натижасида эса 19 нафар фуқаро вафот этган, 31 нафар фуқаро турли тан жароҳат олган.
Шу боис айни дамда лойиҳа доирасидаги ҳудудда мавжуд дарахтлар ҳолати, сони, тури, ўлчами ва қийматини аниқлаш бўйича Сурхондарё вилоят Экология бошқармаси ходимлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.